Ўзбекистон Конституциянинг ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётган моддалари қаторида ҳар бир инсоннинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи тўғрисидаги 29-моддаси ҳам мавжуд. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев хабар берди.

Ҳозирда 29-модда қуйидагича кўринишга эга:

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Фракцияларда муҳокамалардан ўтказилаётган қонун лойиҳасига асосан мазкур моддани қуйидагича ўзгартириш таклиф этиляпти:

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғи ва маънавиятини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Спикер ўринбосари «фикр юритишни чеклаш мумкинлиги билан боғлиқ норма»ни ноўрин деб атади ва шунинг учун чиқариб ташланаётганини қайд этди.

«Масалага реал қаралганида, фикр инсоннинг онгостида юзага келадиган, эгасининг ўзгадан бошқаларга „кўринмас“ ғоя. Уни амалда назорат қилиш, чеклаш ёки таъқиқлашнинг имкони йўқ», — деди Одилжон Тожиев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу масала ўтган ҳафтада бўлиб ўтган масъул қўмиталар йиғилишида ҳам қизғин муҳокама қилинган ва аксарият депутатлар таклиф этилаётган таҳрирни маъқуллашларини билдирган.

Муносабатлар

Собиқ депутат Расул Кушербаев «мантиқсиз чекловнинг Конституциядан олиб ташланаётганини бугунги кундаги прогрессив ишлардан бири», деб атади.

Таълим соҳаси мутахассиси, «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов ушбу таклифга изоҳ берар экан, у модда лойиҳасидаги сўзларнинг ноаниқлигига ишора қилди.

««Халқ» деганда ким тушунилади? Халқнинг соғлигини ким ва қандай воситалар билан ўлчайди? Халқнинг соғлигини қайси ахборотдан ҳимоя қилиш кераклигини ким ва қайси мезонлар асосида ҳал қилади? Масалан, ОАВ, блогер, фаол фуқаро (исталган шахс) давлат ҳокимияти тармоқларининг ёки органларининг бирон-бир ҳаракатини танқид қилуб чиқса, бу ахборот «халқни асабийлаштириб, соғлигига зиён етказиши мумкин»лиги важи билан бундай ахборотни тақиқлаш мумкин бўладими? Масалан, ҳоким, судья ёки депутат танқид қилинган ахборотни ўша танқид қилинаётган мансабдор «мен ҳам халқнинг вакилиман, бу ахборот менинг соғлигимга зарар етказяпти» деб (ёки, дейлик, қариндошлари орқали шундай шикоят уюштириб — ахир, улар ҳам халқнинг вакилику?) олдириб ташлаши мумкин бўладими?», — деди у.

«Халқнинг «маънавияти» деганда нима тушуниляпти? Ўзбекистон кўп миллатли (полиетник) давлат эканлигини ва бир этнос вакилининг «маънавияти»га тўғри келмайдиган нарсани бошқа этнос вакили оддий ҳолат сифатида қабул қилиши мумкинлиги, ҳатто битта этнос вакиллари орасида ҳам «маънавият» нима эканлиги ҳақида турли фикрлар бўлиши мумкинлигини инкор қиляпмизми? («Маданият ва маърифат» каналидаги яқинда шов-шув бўлган кўрсатув бунга яққол мисол.) Шундай «маънавият» давлат мафкураси сифатида эълон қилинадими? Конститусиядаги «фикрлар, қарашлар хилма-хиллиги» ҳақидаги модда (18-модда) нима бўлади шунда?», — деди Комил Жалилов.

Унинг фикрича, юридик ҳужжатларда, юридик ҳужжат бўлиб туриб ҳам давлатнинг асосий қонуни — Конституцияга «халқнинг соғлиғи ва маънавияти» сингари аморф тушунчалар асосида ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклаш мумкинлигини белгилаш — цензурани қонунийлаштиришдир.