Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳасини амалга ошириш учун 12 млн доллар миқдоридаги молиялаштиришни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Лойиҳа орқали мамлакатда экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мумкин. Шунингдек, «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳукумат режаларини амалга ошириш ва энергетика соҳасида декарбонизациялаш (карбонат ангидрид гази эмиссиясини камайтириш) жараёнига ҳисса қўшади, дейилади Жаҳон банки хабарида.

2019 йилда Ўзбекистон Африкадан ташқарида Жаҳон банки гуруҳининг (ЖБГ) Scaling Solar («Қуёш энергетикасини кенгайтириш») дастурига қўшилган биринчи давлат бўлди. Дастур доирасида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-1» қуёш электростанцияси ишга тушди. Ўша вақтда Жаҳон банки ушбу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бўйича мажбуриятларни бажариш учун банк кафолатини тақдим этган. Халқаро молия корпорацияси (IFC) эса тендерни ташкил этиш бўйича маслаҳат хизматларини ва лойиҳани амалга оширишни молиялаштиришни белгилади (IFC ва Жаҳон банки JBG таркибига киради).

Келтирилишича, 2023 йилда тақдим этилаётган «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳаси Навоийда бажарилган лойиҳанинг муваффақиятига таянади. Умумий қуввати 440 МВт бўлган қуёш электростанцияларини ишга тушириш орқали энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Жаҳон банки «Ўзбекистон MET» АЖ икки ҳудудда қуриладиган объект учун ҳар бири учун 6 млн долларгача (умумий суммаси 12 млн долларгача) банк кафолатларини тақдим этади.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита янги қуёш электр станциясини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) доирасида қуриш бўйича БААнинг қайта тикланадиган энергия соҳасидаги Масдар компанияси тендер ғолиби бўлган.

Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги қуёш электростанциялари йилига 1,1 млрд киловатт-соат (кВт/с)гача қайта тикланадиган электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Уларнинг ишлаши туфайли йилига ўртача 110 000 тонна ёки уларнинг бутун хизмат даври давомида жами 3,4 млн тонна карбонат ангидрид эмиссиясининг олди олинади.

Қуёш электростанцияларини ишга тушириш учун Масдар лойиҳа компанияларига ўз капиталидан 193 млн доллар инвестиция киритади. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Европа инвестиция банки (ЕИБ) ҳамда Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) томонидан 216 млн доллар қарз маблағларини жалб қилади.

«Қуёш энергетикасини кенгайтириш» дастури ҳақида

«Қуёш энергетикасини кенгайтириш» — ЖБГ дастури бўлиб, ҳукуматларга хусусий молиялаштиришни жалб қилиш билан қуёш энергияси ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик лойиҳалар ишлаб чиқиш ва бу бўйича тендерлар ўтказишда кўмак беради. У эксперт маслаҳатлари, расмийлаштирилган ҳужжатлар, тасдиқланган молиялаштириш, суғурта маҳсулотлари ва шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга ошириш учун банк кафолатларини ўз ичига олади. Дастур Дания, Корея, Нидерландия ва Буюк Британия ҳукуматлари, шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Power Africa дастури ҳамда Хусусий инфратузилмани ривожлантириш гуруҳи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.