Тошкентда россиялик журналист Александр Нечаев ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Текшириш ишлари Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан олиб борилади. Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Натижалари ҳақида қўшимча хабар берилиши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «Бюллетень кинопрокатчика» журнали бош муҳаррири Александр Нечаевнинг жасади у вақтинча яшаётган Тошкентдаги квартирасидан топилгани айтилганди. 37 ёшли журналист ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Марҳумнинг яқинларига кўра, ўлим сабаблари ҳозирча номаълум. Нечаевнинг ҳамкасби ва дўсти Денис Корсаков журналист бир неча ойга кетган Тошкентдаги квартирасида ўлик ҳолда топилганини маълум қилди. У Нечаев билан охирги марта 4 март куни гаплашган. Айтишича, марҳум журналист апрель ойида Москвага қайтиши режалаштирилган эди.

Маълумот учун, Нечаев 1986 йил 12 майда Саратов вилояти Маркс шаҳрида туғилган.