Тошкент шаҳрида Россиянинг «Бюллетень кинопрокатчика» журнали бош муҳаррири Александр Нечаевнинг жасади топилди. Бу ҳақда журналнинг Telegram`даги каналида хабар берилди.

«„Бюллетень кинопрокатчика“ бош муҳаррири Александр Нечаевнинг кутилмаган ўлимини чексиз қайғу билан маълум қиламиз. Саша ўткир зеҳнли, очиқкўнгил, профессионал ва истеъдодли одам эди. Биз нафақат ҳамкасбимизни, балки хотирамизда абадий қоладиган яқин дўстимизни ҳам йўқотдик», — дейилади хабарда.

Марҳумнинг яқинларига кўра, ўлим сабаблари ҳозирча номаълум. Нечаевнинг ҳамкасби ва дўсти Денис Корсаков журналист бир неча ойга кетган Тошкентдаги квартирасида ўлик ҳолда топилганини маълум қилди. У Нечаев билан охирги марта 4 март куни гаплашган. Айтишича, марҳум журналист апрель ойида Москвага қайтиши режалаштирилган эди.

Маълумот учун, Нечаев 1986 йил 12 майда Саратов вилояти Маркс шаҳрида туғилган.