Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун санкциялар ва жазони белгиловчи ўзгартиришларни маъқуллади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47−6-модда билан тўлдирилмоқда:

Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган болани отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс чет давлат ҳудудида болани назоратсиз қолдирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 10 бараваридан 50 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилмоқда.

Бундай ишни кўриб чиқишда суд ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга кўпи билан 30 кун ичида болани Ўзбекистонга қайтариш ёки ҳуқуқбузарликни бартараф этиш чораларини кўриш мажбуриятини юклайди. Ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи ёки ҳамроҳ бўлган шахснинг илтимосига кўра, бу муддат яна 30 кунга узайтирилиши мумкин.

Жиноят кодекси 122−1-модда билан тўлдирилади. Бунда маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган ёки боланинг Ўзбекистонга қайтарилишини таъминланмаган ҳолатда худди шундай қонун бузилиши учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бу 50 дан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу хатти-ҳаракат такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ёхуд баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказган бўлса, 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу ҳаракат ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлиб, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ 2022 йилда чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.