2022 йил давомида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида 11 миллион 435 мингта ички сайёҳат амалга оширилди, деб хабар қилди Маданият ва туризм вазирлиги.

Бундан

  • 700,1 мингта меҳнат жамоалари саёҳати;
  • 37,9 мингта «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар саёҳати;
  • 1,4 мингта нотинч оилалар (нотинч ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Оилавий саёҳат» туристик пакетлари жорий этилган) саёҳати;
  • 588,3 мингта ёшлар ҳамда нуронийлар саёҳати;
  • 10 млн 107,4 мингта маҳаллий аҳоли саёҳати ўрин олган.

Қайд этилишича, кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 1,9 баробар кўп.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 сентябрдан ички саёҳат харажатларининг бир қисми кешбэк сифатида қайтарилиши йўлга қўйилган.

Мазкур тизимга кўра, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида «Саёҳат қил ва кешбэк ишла» шиори асосида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга оширган мамлакат фуқароларига харажатларининг бир қисми қайтариб берилади.

Ушбу ҳавола орқали, шунингдек, маҳаллий туристлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари учун кешбэкни қандай олиши мумкинлиги бўйича йўриқнома билан танишиш мумкин.