Ўзбекистон 2023 йилги иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнини 8 поғонага яхшилади ва 184 давлат орасида 109-ўринни эгаллади. Индекс 1995 йилдан бери Heritage Foundation томонидан The Wall Street Journal билан ҳамкорликда тузилади. 2022 йилда мамлакат рейтингда 117-ўринда, 2021 йилда 108-ўринда, 2020 йилда 114-ўринда эди.

Ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик даражаси 0,8 пунктга ошди ва 56,5 кўрсаткичга етди (максимал сифатида 100 балл қабул қилинган — бу бизнес учун идеал шароитларни билдиради). Рейтингда мамлакатнинг энг яқин қўшнилари Қувайт (108-ўрин) ва Камбоджа (110-ўрин) ҳисобланади.

Индексни тузишда тадқиқотчилар мулк ҳуқуқи, суд самарадорлиги, солиқ юки, тадбиркорлик эркинлиги, меҳнат бозори эркинлиги, савдо ва сармоя каби 12 омилни баҳолайдилар.

Мамлакатлар иқтисодиёти беш гуруҳга бўлинган: эркин, барча омилларни ҳисобга олиш натижаларига кўра 80 дан 100 баллгача, асосан эркин (70−79,9 балл), ўртача эркин (60−69,9), асосан эркин бўлмаган (50−59, 9) ва репрессив (0−49,9).

Янги рейтингда Ўзбекистон иқтисодиёти нисбатан эркин бўлмаган давлатлар гуруҳида қолмоқда. 2017 йилгача мамлакат репрессив режимлар гуруҳининг бир қисми эди. Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодий эркинликни таъминловчи сиёсатни амалга оширмоқда, янада кенгроқ очиқлик ва модернизация сари интилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий ва бошқа асосий эркинликларни чекловчи институционал камчиликлар мавжуд, бироқ ижобий ўзгаришлар тезлашмоқда.

Кўрсаткичлар таҳлили

Ўзбекистон 2022 йилги рейтингга нисбатан 12 кўрсаткичдан 7 тасида ўз ўрнини яхшилаган.

Қонун устуворлиги:

  • мулкий ҳуқуқларни таъминлаш даражаси — 30,9 (-0,7)
  • суд-ҳуқуқ тизими самарадорлиги — 13 (-0,1)
  • давлат яхлитлиги (коррупциядан озодлик) — 24,9 (+1,1)

Давлат аралашуви даражаси:

  • солиқ юки — 92,8 (+2)
  • давлат харажатлари — 74,9 (-3,2)
  • фискал саломатлик — 85,3 (-11,3)

Давлат томонидан тартибга солиш самарадорлиги:

  • бизнес юритиш эркинлиги — 58,9 (-0,2)
  • меҳнат бозори эркинлиги — 48,1 (+0,1)
  • пул эркинлиги — 63,4 (+1,8)

Бозорнинг очиқлиги:

  • савдо эркинлиги — 76 (+0,4)
  • инвестиция эркинлиги — 60 (+10)
  • молиявий эркинлик — 50 (+10)

Рейтинг муаллифларининг фикрича, солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,6 фоиздан 18,7 фоизгача пасайган, бироқ сўнгги уч йилда ўртача бюджет тақчиллиги ЯИМнинг -0,6 фоиздан -2,8 фоизга, давлат харажатлари эса 27 фоиздан 28,9 фоизигача.

Ҳисоботда қайд этилишича, баъзи ютуқларга қарамай, умумий тартибга солиш тизимида «шаффофлик ва аниқлик етишмайди». Замонавий меҳнат бозори ривожланишда давом этмоқда, аммо норасмий бандлик мавдудлигича қолмоқда. Инфляция босимига қарамай, пул-кредит сиёсати нисбатан барқарор бўлган.

Ўртача савдо тариф ставкаси 4,5 фоиз (-0,2%) ни ташкил этади, аммо тарифсиз тўсиқлар савдо харажатларини янада оширади. Ҳукумат томонидан умумий инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш чоралари кўрилди. Молия сектори модернизация қилинди, бироқ давлат банклари устунлигича қолмоқда, дейди экспертлар.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистон мулк ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўрсаткичларини сезиларли даражада ёмонлаштирди, 2021 йилдаги 57,8 баллдан 2023 йилда 30,9 баллга, суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлиги бўйича эса 50,8 баллдан 13 баллга тушди.

Давлат харажатлари ва фискал саломатлик ҳам кетма-кет иккинчи йил ёмонлашди, чунки ҳукумат бюджет тақчиллиги чегараларини бажара олмади ва давлат харажатларини оширди.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 71-ўринни эгаллаб, ўртача эркин иқтисодиётга эга давлатлар қаторига кирди (гарчи 2021 йилги рейтингда 34-ўринни эгаллаган бўлса ҳам). Қирғизистон 115 (нисбатан эркин бўлмаган иқтисодиёт), Тожикистон 146 (нисбатан эркин бўлмаган иқтисодиёт), Туркманистон 161- (репрессив иқтисодиёт) ўринни эгаллаган.

Дунёда 184 давлатдан фақат тўрттаси иқтисодий жиҳатдан эркиндир: Сингапур, Швейцария, Ирландия ва Тайван. Ўтган йили еттита давлат эркин эди.