Қашқадарё вилояти Ғузор туманида чорва молларини ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб борган фуқаро етти суткага қамалди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

27 февраль куни фуқаро Ж. П. акасига тегишли чорва молларини Ғузор туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига ҳайдаб борган. Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, фуқаро акасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан «асоссиз равишда терговга жалб этилганидан норози бўлиб ушбу ҳаракатни амалга оширган».

Шундан сўнг, фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Бошқарма хабарига кўра, фуқаро жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган хатти-ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган. Суднинг 3 мартдаги қарорига кўра, ҳуқуқбузар Ж. П.га етти сутка қамоқ жазоси тайинланган.