Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Солихов Олимжон Фазлиддинович» хусусий корхонасига қарашли 3 та АГҚКШда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига жами 11 миллиард 847 миллион 744 минг сўм зарар етказилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, шохобчаларда табиий газ яширин равишда толон-торож қилинган.

Хусусан, корхонанинг АГҚКШ (автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаси) филиалида 2 дона Kwangshin Geo-350 русумли компрессор ўрнатилган. Бу компрессорнинг соатлик газ сарфи 2000 метр кубни ташкил этиб, бунинг оқибатида 2022 йилнинг 1 ноябрь кунидан 2023 йил 10 февраль кунига қадар бўлган даврда 3 миллиард 493 миллион 218 минг сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинган.

Шунингдек, яна бир филиалда 2 дона Sichuan Zw-4.36/3−250 русумли компрессор ўрнатилган. Бу компрессорнинг соатлик газ сарфи ҳам 2000 метр кубни ташкил этади. Бунинг оқибатида 2022 йилнинг 10 сентябрь кунидан 2023 йил 10 февраль кунига қадар бўлган даврда 5 миллиард 774 минг 443 сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, корхонага қарашли яна бир АГҚКШ филиалида 2 дона Sichuan Zw-4.36/3−250 русумли компрессор ўрнатилган. Бу компрессорнинг соатлик газ сарфи ҳам 2000 метр кубни ташкил этади. Бунинг оқибатида 2022 йилнинг 13 сентябрь кунидан 2023 йил 10 февралгача бўлган даврда 2 миллиард 580 миллион 83 минг сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинган.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, «Солихов Олимжон Фазлиддинович» хусусий корхонаси мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жуда кўп миқдорда ўғрилик содир этишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқлангани айтилмоқда. Ушбу хусусий корхона мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Бухоро вилоятидаги 3 та метан газ қуйиш шохобчасида 26,2 млрд сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилинганини аниқлаганди. Ҳолат юзасидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси ва шохобчалар мансабдорларига жиноят иши қўзғатилган.