Сенатнинг 37-ялпи мажлисида тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилган шахсларни жаримага тортиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазосини белгилаш бўйича қонун маъқулланди. Бу бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилади.

Эндиликда бирор бемор ёки унинг яқин қариндошлари тиббиёт ходимини соғлиқнинг ёмонлашишида ёки ўлимда асоссиз равишда айбласа, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилса, БҲМнинг 5−7 бараваригача (2,1 млн сўмгача), мансабдор шахслар эса 7−10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорда жарима тўлайди. Ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-прим 7-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати 3 суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу конуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларга ҳужумлар учун жиноий жавобгарликни белгилашни 2019 йилдаёқ таклиф қилганди. Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада фуқароларнинг шифокорларга қилган ҳужумларини оғирлаштирувчи ҳолатлар билан безорилик сифатида квалификация қилиш назарда тутилган. Ушбу моддадаги энг оғир жазо 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.

«Мавжуд қонунчиликда ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига ҳужум қилиш ва уларга тан жароҳати етказиш учун нисбатан енгил жазо белгиланган», — деган ўша пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бошқармаси бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. «Оқибатда айбдорлар баъзан жазосиз қолмоқда».