Давлат хавфсизлик хизмати ва унинг ҳудудий бошқармалари жойларда коррупция ва фирибгарликда гумонланган мансабдорларни қўлга олди, дея хабар бермоқда хизмат матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент шаҳри бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Тошкент филиали мансабдор шахсини фуқародан пора тариқасида 10 минг доллар олган вақтида ушлагани айтилмоқда.

У пулларни фуқарони филиалга бўлим бошлиғи лавозимига ишга қабул қилиш ва унинг илмий ишини кенгашга киритиб, ҳимоя қилишида ёрдам бериш эвазига олган, — дейилади хабарда.

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлими мансабдор шахси фуқарога нисбатан Тошкент шаҳри Учтепа тумани ИИО тергов бўлими томонидан қўзғатилган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб беришини айтгани, бунинг эвазига 10 минг доллар олган вақтида ушлангани таъкидланди.

Шунингдек, Уйчи тумани ҳокимлиги юристконсульти маҳаллий фермер хўжалик раҳбаридан 5 минг доллар олган вақтида қўлга тушгани маълум қилинди. Аниқланишича, у иқтисодий судда кўриб чиқилаётган хўжаликнинг ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олиш масаласини фермер фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.