АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль куни Остона шаҳрида Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари (C5+1 формати) билан бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида АҚШ эҳтимолий ташқи таҳдидда минтақага қандай ёрдам бериши ҳақида гапирди.

Журналистлардан бири Блинкеннинг АҚШ Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги сўзларини эслаб, ташқиридан, хусусан, Россиядан таҳдид юзага келган тақдирда Қўшма Штатлар ушбу давлатларга қандай ёрдам ёки хавфсизлик кафолатларини бериши мумкинлигини сўради.

Давлат котибининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли ҳамкор эканини намойиш этмоқда.

«Уларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимиз ҳақиқатдир. Ва бу, айниқса, икки жиҳатда яққол намоён бўлади. Биринчиси, биз уларга ўз хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ва жамиятларининг мустаҳкамлиги ҳамда барқарорлиги учун энг кучли имкониятларини ривожлантириш мақсадида турли йўллар билан ёрдам беряпмиз. Бу мамлакатларнинг келажакда ана шу тамойиллар асосида ўз келажагини белгилаши учун энг яхши йўлдир», — деди у.

Давлат котибининг сўзларига кўра, бу ҳам икки томонлама асосда, ҳам C5+1 формати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон + АҚШ) орқали амалга оширилмоқда.

«Украинада биз кўрган нарсалардан бири бу, албатта, Россия агрессиясига қарши Украина халқининг ақл бовар қилмайдиган жасорати, ҳарбийларнинг фавқулодда кучли ҳаракатларидир. Лекин менимча, бу ҳаммаси эмас. Ўйлайманки, биз нафақат ҳукумат ичида, балки ундан ташқарида ҳам фаол эркин матбуот, шунингдек, кучли фуқаролик жамияти каби кучайиб бораётган институтларга эга барқарор жамиятни кўрмоқдамиз», — деди америкалик дипломат.

Бу элементларнинг ҳар бири «Украинанинг Россия агрессиясига қарши кураш ва тажовузга чидамли ҳамда унга қарши кураша оладиган давлат қуришдаги муваффақиятли тарихнинг бир қисмидир» деди у.

«Бу ерда амалга ошираётган ишларимиз Марказий Осиёдаги дўстларимизга кучли институтларга эга, ўз халқи учун янада салоҳиятли ва барқарор жамиятлар қуришга ёрдам беради. Шунинг учун АҚШ ва бошқа мамлакатлардан тобора кўпроқ сармоя киритилмоқда. Қолаверса, [Марказий Осиё мамлакатлари] ўртасидаги яқинроқ алоқалар охир-оқибат бу ҳукуматларни умумий муаммоларни ҳал қилишда биргаликда ҳаракат қилганда янада мустаҳкамланади. Менимча, бу ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва мустақилликни ҳимоя қилиш қобилияти анча кучли бўлган минтақани яратади», — деди Энтони Блинкен.

Ўша матбуот анжуманида у Россияга қарши санкциялар Марказий Осиё мамлакатларига иқтисодий салбий таъсир кўрсатишини, шу боис Қўшма Штатлар уларни юмшатиш ва минималлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлади. У минтақада савдони диверсификация қилиш ва иш ўринлари яратиш учун 25 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.