АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль куни Остонада Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари билан бўлиб ўтган учрашув (С5+1 формати) якунлари бўйича матбуот анжуманида Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатларига таъсири ҳақида изоҳ берди (видео).

Дунё бўйлаб ўнлаб давлатлар Россияга нисбатан жорий этилаётган санкциялар, шунингдек, экспорт назорати «ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган».

«Мамлакатлар уларни Россиянинг Украинага бостириб киргани туфайли жорий этиш учун бирлашди. Унинг тажовузкорлиги нафақат Украинага, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомининг халқаро тизими асосида ётган тамойилларга — ҳудудий яхлитлик, мустақиллик, суверенитет хартиясига — Марказий Осиё давлатлари учун катта аҳамиятга эга бўлган тамойилларга ҳам қарши қаратилган», — дея маълум қилд у.

АҚШ ва бошқа давлатлар тажовузни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш ва Украина суверенитетини тиклаш учун Россияга максимал босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда, деди Энтони Блинкен.

«Биз санкцияларга риоя этилишини диққат билан кузатиб боряпмиз ва бир қатор давлатлар, жумладан, С5 бўйича ҳамкорларимиз (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) билан иқтисодий таъсирлар ҳақида доимий равишда муҳокама қиляпмиз. Чунки биз яхши биламизки, Россиянинг бу тажовузкорлиги нафақат Украина ва нафақат мен айтиб ўтган тамойиллар учун, балки бутун дунё мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиё учун ҳам ўзига хос тарзда ҳақиқий оқибатларга олиб келди», — деди у.

Вашингтон компанияларга санкцияга учраган Россия фирмалари билан алоқаларни тўхтатиш ва уларнинг савдо алоқаларини диверсификация қилиш учун вақт бериш мақсадида лицензиялар беряпти, деди АҚШ давлат котиби.

«Биз бу жараён вақт талаб этишини, буни биргина ҳаракат билан амалга ошириб бўлмаслигини тушунамиз… Биз минтақани мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда яшовчи халқлар ҳаётини яхшилаш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Жумладан, янги савдо йўлларидан фойдаланиш ва корхоналарга фақат битта давлатга ортиқча ишониб қолмаслик, шунингдек, хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш учун янги экспорт бозорларини топишга ёрдам бериш орқали», — дея қўшимча қилди Энтони Блинкен.

Давлат котиби АҚШ минтақани мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда яшовчи одамлар ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

У Марказий Осиё мамлакатлари учун ўтган йилнинг сентябрь ойида савдо йўлларини диверсификация қилиш ва иш ўринлари яратиш учун ажратилган 25 млн доллардан ташқари яна 25 млн доллар ажратилишини маълум қилди.

«Биз Россия агрессиясининг салбий оқибатларидан хабардормиз ва уларни минималлаштириш, юмшатиш ҳамда Марказий Осиёдаги ҳамкорлар учун турли янги имкониятлар яратиш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз», — деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ расмийлари инглиз тилини ўргатиш, электрон тўлов тизимларини ишлаб чиқиш ва қайтган меҳнат муҳожирларини ўқитишда ҳам ёрдам беришни режалаштирмоқда.

Сешанба куни кечқурун Энтони Блинкен Остонадан Тошкентга келди.