АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга ташрифи 1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов билан учрашувдан бошланди.

«АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан самарали учрашув ўтказдик. Бизнес алмашинуви учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга келишиб олдик», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналида.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

Бахтиёр Саидовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон «АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини мунтазам ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юксак қадрлайди».

Шундан сўнг Энтони Блинкен Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Ҳаст Имом» тарихий меъморий ансамбли билан танишди. «Газета.uz» мухбири ушбу ташрифни суратга олди.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

«Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирган масжидга ташриф буюриш мен учун катта шарафдир. Мен Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини асраб-авайлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилаётганидан фахрланаман», — деди АҚШ давлат котиби.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

Шунингдек, Энтони Блинкен АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан амалга оширилаётган Access дастури орқали инглиз тилини ўрганаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари билан учрашди. Бу ҳақда «Газета.uz»га дипломатик ваколатхона хабар берди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (ЎзДЖТУ) 2022 йил ноябрь ойида бошланган икки йиллик Access дастури иқтисодий аҳволи оғир оилаларнинг иқтидорли болалари учун мўлжалланган бўлиб, дарсдан ташқари машғулотлар ва ёзги интенсив машғулотларда инглиз тили асосларини ўргатади. АҚШ элчихонаси Ўзбекистон бўйлаб 17 та Access марказига эга бўлиб, уларда 700 дан ортиқ ўқувчи инглиз тилини ўрганади.

АҚШ давлат котиби 14−16 ёшли 12 нафар ўқувчи билан учрашди, улар Америкадаги Президент куни байрами ҳақидаги билимларини, шунингдек, севимли фильмлари, таомлари ва машғулотлари ҳақидаги саволларга жавоб бериш қобилиятини намойиш этди.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

Энтони Блинкен Американинг Fulbright дастури бўйича университетга таклиф этилган ўқитувчи Виктория Раҳмонова ва ассистент Эшли Лейн томонидан олиб борилган дарсда ҳам иштирок этди. Эшли Лейн Ўзбекистон бўйлаб университет талабаларига инглиз тилини ўргатиш ва АҚШ маданияти ҳақида маълумот бериш билан шуғулланувчи, яқинда Америка коллежини битирган 14 нафар ёрдамчи ўқитувчидан бири ҳисобланади.

«Котиб Блинкеннинг Жаҳон тиллари университетига ташрифи Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишга катта аҳамият бераётганининг кичик бир ифодасини кўрсатди. 2018 йилдан бери АҚШ ҳукумати инглиз тилини ўрганиш ва ўқитиш учун 25 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди. Маблағлар сабаб юқори сифатли инглиз тили дарсликлари харид қилинди ва ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб 10 мингта мактабда фойдаланилмоқда», — дея таъкидлади элчихона.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

Бундан ташқари, элчихонанинг қўшимча қилишича, АҚШ киритган сармоя Ўзбекистонда 2020 йилда бошланган «Инглиз тилида сўзлашадиган миллат» (ESN — English Speaking Nation) дастури доирасида ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлади, бу ерда америкалик тренерлар, шунингдек, инглиз тили ўқитувчилари ўрта мактабда дарс берувчи 15 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлайди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Шавкат Мирзиёев ва Энтони Блинкен икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

ақш давлат котиби, энтони блинкен

ақш давлат котиби, энтони блинкен

Давлат котиби, бундан ташқари, журналистлар билан ҳам мулоқот қилди.