«Муштум» журнали 100 ёшга тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални такрор чиқаришга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 28 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — Фозил Зоҳидов томонидан 1974 йилда ёзилган «Куёв монологи»дир.

Шундай қилиб, мен уйланадиган бўлдим. Нимасини айтасиз: қуёш деса кўзи бор, ой деса юзи бор. Ажойиб бир жонон! Қани шоир бўлсам, унинг сулув жамолини, қадди-қоматини, шаҳло кўзларини-ю камондек қошларини сизга таърифлаб берсам. Ана ҳусн, ана малоҳат! Гулмисан, булбулмисан, сунбулмисан, райҳонмисан? Ана шундай барно менга қаллиқ бўлишидан шодлигим ичимга сиғмай қолди.

Унинг гўзал ҳислатларини айтинг: ақлу фаросат, иффат-ҳаё, чеварлик, камтарлик, хулласи калом, инсон зотида бўладиган жамики яхши фазилатларнинг ҳаммаси бизнинг бўлғуси ҳамхонамизда, яъни севикли рафиқамиз Нафисахонда тўла мужассам.

Мана, тўй ҳам яқин қоляпти. Нафисахон билан зимдан учрашиб, гапни бир жойга қўйдик. Келинпошшанинг ўз ҳисоби бор экан: у тўйнинг ўн тўққиз кундан кейин ўтказилишига рози бўлди. Биз, куёв тўрадан гап сўрасангиз, шу шанбадаёқ тўй бўлгани маъқул эди. Майли, Нафисахоннинг айтгани бўлсин. Биз бечора нима ҳам қилардик, кутақоламиз-да. Эртага совчилар йўлга равона бўлишади. Ундан кейин… Ундан кейин тўй бўлади. Ундан кейин-чи? Ундан кейин нима бўлишини Нафисахон билан иккаламиз биламиз. Нима бўларди, ширин висол дамлари, янги оилада тотли турмуш бошланади.

…Уф! Уфф! Уффф!!!

Гап-сўзларга қараганда, мен ўз олижаноб мақсадимга яқин орада эриша олмасам керак. Чучварани хом санаб юрган эканман. Уфф!

— Қиз бола мол эмас! «Ҳа» деганга «ма!» деб бераверадиган қизимиз йўқ! Айтганларимиздан бирор нарса кам бўлса, бу эшикка яқин йўламанг. Тўй бўлмайди, вассалом!

Бу кескин жавобни Нафисахоннинг ойиси, бувиси, аммо-холалари айтишибди. Тарвузим қўлтиғимдан тушди.

Уйга келсам, ғала-ғовур. Нима бало, адашиб магазинга кирибманми? Турли-туман матолар, кийим-кечак, латта-лутта. Қариндош-уруғ йиғилибди. Баҳс-мунозара. Ҳаммасига сабабчи — мен. «Уйланмай ўл!» дедим ичимда ўзимга-ўзим.

Ниҳоят, қудалар буюрган нарсалардан нималар муҳайё экан-у, энди нималар қолганлиги билан қизиқдим. Бошим айланиб, кўз олдим қоронғилашди. Тайёрлаб сандиққа жойлаганимизни айтиб ўтирмайман. Лекин тўй бўлиши учун яна нималар кераклигини айтаман. Эҳтимол, сизлар, ёрдамлашарсиз, азизлар.

Ол энди, рўйхатнинг қолган қисмидан бошладим: икки юз метр духоба (гулдор хилидан), ўттиз кийимлик атлас (қимматбаҳо туридан), эркак ва аёлларники бўлиб жами ўттизта костюм (импортний), учта тилло соат, учта тилло узук, ўнта жун рўмол, ипак ва ип газмолларнинг ҳаммасини қўшганда уч юз эллик метр газлама, тўрт минг сўм нақд пул ва ҳоказо. Бундан тақшари, «Нон синдирар», «Эшик очар», «Қозон тўйи» каби маросимларга қўлимиздан келса новвос, бўлмаса катта қўчқорлардан етаклаб борарканмиз.

Математикадан нўноқроқ бўлсам ҳам, тўрт амални яхши биламан. Нарх-наводан анча-мунча хабарим бор. Қўлимга дафтар-қалам олиб, ҳисоблай бошладим. Чиқди. Нима чиқди дейсизми? Уйланишга сарф бўладиган пулнинг ҳисоби чиқди. Миқдорини айтмай қўяқолай, қўрқиб кетасиз. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: ҳозир мен йигирма беш ёшдаман. Совхозда механизаторман, маошим тузук. Тежамкорлик билан жамғариб борсам, бунча пулни тўплаш учун яна ўн тўққиз йил-у тўққиз ой керак экан. Йигирма бешга ўн тўққизни қўшсак, қирқ тўрт бўлади. Демак, қирқ беш ёшга қадам қўйган чоғимда никоҳ тўйимиз бўларкан. Шунгача келинингизнинг ёши ҳам бир жойга бориб қолади, яъни қирқ уч ёшга кирадилар.

Хўш, нима қилсам экан? Бўйдоқ ўтайми? Йўқ. Қарз олсаммикин? Олмайман. Кутсаммикин? Йўқ! Ўн тўққиз йил эмас, балки ўн тўққиз кун ҳам тўйнинг кечикишига тоқатим йўқ. Бошим қотди. Ким менга ёрдам бераркин? Тўйни тезлатмоқ учун менда фақат биттагина ёрдамчи бор. У ҳам бўлса: Нафисахон! Қайдасан, Нафиса? Ёнимга кел, ёрдам бер, севгилим!

Ўзинг келиб, чек қўйгил —
Бу баҳсга, Нафиса!
Кел, ваъдангга вафо қил,
Юр ЗАГСга, Нафиса!

Фозил Зоҳидов,
«Муштум» журнали, 1974 йил, 12-сон