Самарқанд вилояти Ургут туманида синфхонада пақилдок портлатгани учун мактаб директоридан тарсаки еган ўқувчинининг қулоқ пардаси йиртилгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, синфхонада ўқувчилар мактаб ошхонасидан сотиб олинган пақилдоқни портлатган. Шундан сўнг, мактаб директори келиб ўқувчилардан биринининг қулоғига тарсаки туширган. Болаларнинг сўзларига кўра, мактаб раҳбари ўқувчига тўрт мартагача тарсаки урган, у йиқилганидан сўнг оёғи билан тепган.

«Мендан айб ўтмаган. У [синфдошим] пақилдоқ пақиллатгандан кейин директор ёнимга келиб, [қулоғимга урди]. Йиқилиб тушганимдан кейин „шантаж қилма“ деб тепиб ташлади», — дейди боланинг ўзи. Онасининг айтишича, директор боладан узр сўраб, ота-онасига айтиб бермаслигини билдирган.

Жароҳатланган ўқувчи шифохонага олиб борилган. Болани кўрикдан ўтказган шифокор Фарход Жияновнинг қайд этишича, зарба оқибатида қулоқ пардаси йиртилган, қон қолдиқлари ҳам кўринган.

«Халқ таълим вазирлигининг жорий йилнинг 28 июлдаги 246-сонли одоб-ахлоқ қоидаси бор. Ўқувчи ҳам, ўқитувси ҳам уни бузишга ҳаққи йўқ. Педагогларга ва ўқувчиларга ҳам қўйилган тақиқиланган талаблар бор», — деди Ургут тумани ХТБ ходими Шеҳроз Саидқулов.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг қайд этишича, ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги 58-мактабда синф раҳбари 5-синф ўқувчисини калтаклагани акс этган видео тарқалганди. Наманган ИИБ ҳолатга расмий муносабат билдириб, воқеа ўша куни назоратга олинганини маълум қилганди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова эса муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур воқеа бўйича болалар ўртасида юзага келаётган турли тарбиясизликка айнан бефарқлик ва лоқайдлик сабаб бўлаётгани, шу боис ўқитувчини қоралашдан олдин мулоҳаза қилиб кўришга чақирганди.