Туркияда февраль бошида содир бўлган кучли зилзилалар оқибатида биноларнинг қулашига алоқадор 612 кишига нисбатан тергов бошланди, дея хабар бермоқда мамлакат адлия вазири Бекир Бўздағга таяниб Anadolu агентлиги.

Қайд этилишича, 184 нафар гумонланувчи суд қарори чиқарилгунга қадар ҳибсга олинди. Улар орасида қурилиш пудратчилари, иш бошқарувчилар, бино эгалари, шунингдек, объектлар дизайнига ўзгартириш киритганлар ҳам бор.

Вазирнинг сўзларига кўра, табиий офат ҳудудидаги вайроналарни текшириш доирасида 7598 та турар-жой бинолари бўйича далил йиғиш ишлари якунланди.

Туркияда 6 февраль куни қарийб 100 йил ичидаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 44,2 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Қаҳрамонмараш марказидаги зилзилалардан кейин ҳам яна 9136 маротаба ер силкиниши қайд этилган, 528 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған 14 февраль куни камида 41 минг бинога зарар етгани, уларнинг яроқсизлиги ва зудлик билан бузиб ташланиши лозимлигини айтганди. Кейинчалик маълум қилинишича, вайрон бўлган биноларнинг аксарияти 1999 йилгача сейсмик ҳудудларда қурилиш қоидалари унчалик қаттиқ бўлмаган вақтларда барпо этилган. Уйлар муҳандислик ишлари ва тупроқнинг суюлиши каби муаммолар туфайли қулаб тушди, дея тушунтирди Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум.

Associated Press агентлигининг мутахассисларга таяниб хабар беришича, вайрон бўлган биноларнинг кўпчилиги сифатсиз материаллар ва усуллардан фойдаланган ҳолда қурилган, уларнинг айримлари ҳукумат стандартларига жавоб бермаган. Агентлик маълумотларига кўра, зилзилалар натижасида 173 мингга яқин бино вайрон бўлган ёки зарар кўрган.

Июнь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида Эрдоған ҳукумати ўн минглаб биноларнинг осонгина вайрон бўлишига олиб келган сўнгги йиллардаги сиёсати учун танқидлар тўлқинига дуч келди.

Президент Туркия ҳукумати бир йил ичида қулаган барча биноларни тиклаш ниятида эканини таъкидлади. Ҳудудлардаги 2,5 миллион бинодан 105 794 тасидаги 380 мингдан ортиқ хонадон зудлик билан бузишга муҳтож ёки қулаб тушгани айтилмоқда.

«Нафақат бузиб ташланган биноларни янгилаш, балки ўтмишдаги хатолардан сабоқ олган ҳолда шаҳарларни илмий далиллар асосида қайта лойиҳалаш ҳам зарур», — деди Истанбул архитектура палатаси собиқ раҳбари Эсин Коймен.