Ўзбекистон Туркия давлатига зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида 100 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиларини юборганди. Улар мамлакатнинг қатор ҳудудларида ҳодиса оқибатида жабр кўрганлар ва вафот этганларни вайроналар остидан олиб чиқишда ёрдам кўрсатишди. 25 февраль куни тонгда улар 18 кун давом этган вазифаларини якунлаб Тошкентга қайтиб келишди. «Газета.uz» аэропортда улар билан суҳбатлашиб, кўрган-кечирганлари, қутқарув ишлари қандай боргани ва ички кечинмалари ҳақида сўради.

ФВВ қутқарувчиси Баҳодир Рустамовнинг айтишича, етиб борган кунлариданоқ вазиятнинг жуда жиддийлигини кўришган, тезкор қарорлар қабул қилишга тўғри келган. Қидирув-қутқарув ишларига бироз ҳалал берадиган омиллар ҳам учраган. Бу афтершок ҳолатлари, яъни кичик зилзилалар.

«Бундан ташқари, кўп бинолар тўлиқ қуламаганди, муаммолар туғдирди. Лекин, албатта, барча қийинчиликларга яраша режаларимиз бор эди, шулар асосида қидирув-қутқарув ишларини ташкиллаштирдик. Бу ишларда кинология хизматининг ҳам жуда катта ўрни бор. Хизмат итларимиз тирик инсонларни топишда жуда катта ёрдам берди», — деди у.

туркиядаги зилзила, фвв, қутқарувчилар

«Хавфга тўғридан-тўғри кирмаймиз, албатта, ўзига яраша режаларимиз бўлади. Навбатчилик алмашаётган пайтимизда 6,3 балли зилзила бўлди, бу жуда ҳам дахшатли эди. Ҳаётимда биринчи марта ер силкинишини ҳис қилишиим. Қолаверса, зилзила 17 сония давом этди. У ердаги ҳолатни тасаввур қилиш жуда қийин», — деди Баҳодир Рустамов.

ФВВ қутқарувчиларидан яна бири Зарифжон Бегматовнинг сўзларига кўра, уларнинг ёнига жуда кўп инсонлар ота-онасини, ака-синглисини, боласини қутқариб беришларини сўраб, йиғлаб келган.

Кинолог қутқарувчи Убайдулла Рўзметов бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўзлаб бераркан, жараёнда кинолог итларнинг ўрни катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.

туркиядаги зилзила, фвв, қутқарувчилар

«Борган кунимизоқ талофот кўрган махсус объект берилди. Кечқурун бўлишига қарамасдан шу ердан Барон лақабли хизмат итимиз 82 ёшли онахонни топди. У аёл тирик эди, фақат қўллари озгина лат еганди. Яқинларига олиб чиқиб, топширдик, мамнун бўлишди. Унинг ҳаёт эканлигинидан, вақтида етиб борганимиздан ўзимиз ҳам хурсанд бўлиб кетдик. Итимиз ҳеч қандай қийинчиликсиз топишга ҳаракат қилди ва уддасидан чиқди, деб ўйлайман. У тирик инсонларни топганда фаолроқ товуш чиқарарди, жасадни топганда эса пассивроқ овоз берарди», — деди у.

«Дала шароитида ўзимизга шароит яратдик, ҳаммасини тайёрлаб ўша ерда ётдик.18 кун давомида йигитлар билан ишлаб, қидирган жойимизда жасадларни тракторлар билан олиб чиқиб, белгиланган ходимларга топширдик», — деди ФВВ қутқарувчиси Давлат Очилов.

туркиядаги зилзила, фвв, қутқарувчилар

«Қутқараётган пайтимда худди ўзимнинг оиламни қутқаргандек бўлдим. Ўзимни оилам билан ҳам шундай воқеа бўлиши мумкин эдику, деб ўйлаб, ёрдам бердим», — деди ФВВ қутқарувчиси Музаффар Саипов.

«Чин қардош яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнингда тургувчидир. Фурсатдан фойдаланган ҳолда ҳузурингизда Ўзбекистон ҳукуматига, президент Шавкат Мирзиёевга, ўзбек халқига, ФВВ ва Мудофа вазирлиги қутқарувчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар.