Ўзбекистон ССВ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида токсикология бўйича ўтказилган семинарда соҳага оид долзарб масалалар ва мамлакатда токсикология маркази ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ЖССТ ваколатхонаси маълум қилди.

Тадбирда Буюк Британия, Италия, Мальта ва Германиядан токсикологлар, Ўзбекистондан эса вазирликнинг токсикологик-кимёвий хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи мутахассислари, жумладан, клиницистлар (токсиколог, педиатр, шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари, суицидолог ва бошқалар) ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари иштирок этди.

Семинарда жаҳон бозорида фойдаланилаётган, ишлаб чиқарилаётган ва муомалада бўлиб турган кимёвий моддалар ҳажмининг кўпайиши, уларнинг интернет орқали сотилиши ва хавфли оқибатлари тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмаслик соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча хавф туғдираётгани таъкидланди.

Шунингдек, заҳарланишларнинг олдини олишда юзага келган фавқулодда вазиятларда мураккабликлар келиб чиқмоқда. Гап дори-дармонлар, гиёҳванд моддалар, спиртли ичимликлар, илон, ўргимчаклар чақиши ва бошқа заҳарланишлар ҳақида бормоқда.

ЖССТ токсикология марказлари ўткир ва сурункали заҳарланишнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш, кимёвий фавқулодда вазиятларга қарши кураш, умуман олганда, кимёвий моддалар назорати бўйича маслаҳат ва ёрдам бериш каби кенг функцияларга эга эканини қайд этди.

Токсикология марказининг вазифалари қуйидаги омиллар асосида белгиланади:

  • соғлиқни сақлаш тизимининг тузилиши;
  • мавжуд имкониятлар, ресурс ва объектлар;
  • аҳоли, шунингдек, саноат корхоналари кимёвий хавфсизлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш соҳасининг ўрни.

Токсикология марказлари фаолияти яхши йўлга қўйилган мамлакатларда заҳарланиш ва ўлим ҳолатлари сезиларли даражада камайган, тез тиббий ёрдам хизматига бўлувчи босим ва заҳарланган беморларнинг тиббиёт муассасаларида ўтказадиган вақти қисқарган, дейилади семинарда.