Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида 2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадсиз сарфланганини аниқлади, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.

Хусусан, департаментнинг Шаҳрисабз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида Шаҳрисабз туманида маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаётган А. Т. «B.S.B» МЧЖни ташкил қилиб, унга таъсисчилик ва раҳбарлик қилаётгани аниқланган. У тижорат банкининг Шаҳрисабз филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктирган ҳолда ҳужжатларни сохталаштириб, 162 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан толон-тарож қилган. Шунингдек, А. Т. 114 млн сўм солиқ ва йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлагани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат бўйича ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 184-моддаси 2-қисми «,» банди (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, тижорат банкининг Шаҳрисабз филиали мансабдор шахсларига нисбатан ҳам 167-моддаси 3-қисми «а» банди банди ва 228-моддаси 2-қисми «,» банди (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.