Cоғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Мирзоҳид Қодиров Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

М.Қодиров 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, иш фаолиятини мазкур олий ўқув юртида кафедра ассистенти сифатида бошлаган.

Кейинчалик Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Фармакопея қўмитасида етакчи мутахассис, қўмита раиси ўринбосари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ДУК директори каби лавозимларда ишлаган.

«М.Қодировга тизимда коррупцияга барҳам бериш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, Ўзбекистонга сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар кириб келишини таъминлаш, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Улуғбек Эгамов раҳбар сифатида иш бошлаганди.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропининг ножўя таъсири сабабли болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК собиқ директори Сардор Кариев ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта шахслар иш бўйича гумон қилиниб ушланиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганди.