Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига Улуғбек Эгамов директор бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. У мазкур тайинловга қадар агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Фармацевтика агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропининг ножўя таъсири сабабли болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида қамоққа олинди. 2019 йил февралидан бери агентликни бошқариб келган Сардор Кариевни президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг декабрь ойида лавозимидан озод этганди.