Қирғизистон Ўзбекистондан гўшт маҳсулотлари ва чорва молларини олиб киришга қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди. Бу ҳақда қўшни мамлакатнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу тақиқ 2022 йил 14 сентябрда қўйилганди. Ўзбекистондан ташқари, АҚШдан ҳам қуш ва паррандачилик маҳсулотлари импортидаги чеклов олиб ташланди (2022 йил 2 сентябрда киритилганди).

Ўзбекистон томони сифати тез бузиладиган маҳсулотлар учун Қирғизистонга поездлар ташкил этишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ёзида Мўғулистон Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари экспортини оширишни таклиф қилганди. Ўзбекистондан Мўғулистонга эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми оширилиши кўрсатилган. Мамлакатлар ўртасидаги савдони ривожлантириш учун чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкинлиги айтилган.