Мўғулистон чартер рейслар орқали Ўзбекистонга гўшт ва бошқа маҳсулотларнинг экспортини оширмоқчи. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Тўраев ва Мўғулистон ТИВ раҳбари ўринбосари Батсумбер Мунхжин ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди, дея маълум қилди қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда Мўғулистон томони чорвачилик мамлакат аграр секторининг энг ривожланган тармоғи эканлигини қайд этди. Мамлакатда 70 миллионга яқин йирик ва майда қорамол борлиги таъкидланди. Мўғулистон томони Ўзбекистонга гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишни таклиф қилишди.

Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳозирда ўзаро товар етказиб бериш асосан қуруқликдаги транспорт орқали амалга оширилаётганини таъкидлади. У мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқни кенгайтириш учун чартер рейсларини йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистондан Мўғулистонга етказиб бериладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Бундан ташқари, томонлар ўзаро савдо ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор корхоналар рўйхатини тузишни мақсад қилишди.

Боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш бўйича икки давлат илмий идоралари ўртасида ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилиши айтилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон фуқаролари 30 кун муддатга Мўғулистонда визасиз бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тартиб жорий этилгани эълон қилинган эди.