Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида иккита янги зилзила содир бўлди, деб хабар бермоқда Anadolu ахборот агентлиги ҳукумат қошидаги Табиий офатларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси (AFAD)га таяниб.

6,4 магнитудали биринчи силкиниш маҳаллий вақт билан 20:04 да, иккинчи — 5,8 магнитудалиси 20:07 да қайд этилган.

Зилзила эпицентри мос равишда Дефне ва Самандаг вилоятларида жойлашган. Чуқурлик 16,7 км ва 7 км. Табиий офат қўшни вилоятларда ҳам сезилган.

Денгиз сатҳининг 50 см га кўтарилиши хавфи туфайли аҳолига шикастланган биноларга яқинлашмаслик ва қирғоқ бўйларидан узоқроқ туриш тавсия қилинди.

Туркия ИИВ маълумотига кўра, янги зилзилалар оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 213 киши жароҳат олди.

6 февралдан бошлаб қайд этилаётган зилзилалар оқибатида ҳозиргача 41,1 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. 15 та бино вайроналари остида омон қолганларни қидириш ишлари давом этаётган Ҳатай вилоятидан ташқари Туркиянинг барча вилоятларида қидирув-қутқарув ишлари якунланди.

Ўзбек диаспорасининг катта қисми истиқомат қиладиган Ҳатайдаги ишларга Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ва ҳарбийлар ҳам жалб этилган.

Авалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган, этник ўзбеклар истиқомат қиладиган Овакент қишлоғига ташриф буюрганди. У Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли билан ҳам учрашган.