Ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудларда жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Тошкент метрополитени» ДУК ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодиров хабар берди.

Маълум қилинишича, президент 2021 йил 16 октябрдаги «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ 5260-сонли] қарори асосида метрополитен бекатларида савдо шохобчалари фаолияти тикланади.

Ҳозирда «Новза» метро бекатининг пиёдалар ўтиш йўлагида тажриба-синов тариқасида савдо шохобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги (умумий ер майдони 2,9 гектар) ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши (умумий ер майдони 3,37 гектар) ҳудудида 1500 ўринли еттита автотураргоҳ, жами бўлиб 2700 ўринли автотураргоҳ ташкил этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, қайд этилган режалаштирилган ишларни амалга оширилиши натижасида жами 1700 та янги ишчи ўринлари ҳам яратилиши қайд этилган.