Сурхондарё вилоятининг Термиз ва Қизириқ туманларида фуқаролар ноқонуний дарахт кесаётгани маълум бўлди. Буни Табиат ресурслари вазирлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари тезкор рейд тадбирларида аниқлади.

Хусусан Қизириқ туманидаги Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тизимидаги «Бандихон илмий-тажриба станцияси» ҳудудида 4 туп ўсувчанлигини йўқотмаган катта ёшли чинор дарахтлари таг қисми билан кесиб кетилганлиги аниқланди. Аввалроқ, бунинг ортидан ўсимлик дунёсига 216 млн сўм зарар етгани ҳақида ёзгандик.

Термиз шаҳрида кузатилган ҳолатда «Бобур» истироҳат боғида Ободонлаштириш бошқармаси айланасига 36 сантиметр бўлган 1 туп ўсувчанлигини йўқотмаган «Айлан» дарахтни ноқонуний кесгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича бошқарма бош муҳандиси Асадулло Файзуллаевга 3 млн сўм жарима тайинланди. Шу ҳаракат билан табиатга 4 млн 950 минг сўм зарар етди.

Термиз тумани «Учқизил» маҳалласида яшовчи фуқаро эса Ангор ва Термиз туманлари оралиғидаги Каттақум массиви Ўрмон хўжалигига қарашли ердаги саксовулни ўтин қилиш учун чопиб, олиб кетаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Унга ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 ярим млн сўм жарима белгиланди. Иш оқибатида ўсимлик дунёсига 3 млн 150 минг сўм зарар етказилгани аниқланди.