Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги илмий-тадқиқот институти тизимидаги хўжалик ҳудудида 4 туп чинор дарахти кесиб кетилди, дея хабар бермоқда Табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати.

Бошқармага туман «Боғбонлар юрти» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқародан «Бандихон илмий тажриба станцияси» хўжалиги дарахтларни ноқонуний кесиб кетаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган.

Ҳолат ўрганилганда Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тизимидаги «Бандихон илмий-тажриба станцияси» ҳудуди кўздан кечирилган. Хусусан, 4 туп ўсувчанлигини йўқотмаган катта ёшли чинор ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб кетилгани аниқланган.

Хўжаликнинг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунинг 37-моддаси талаблари бузилиб, 216 000 000 (икки юз ўн олти миллион) сўм миқдорида ўсимлик дунёсига зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага ўтказилди.