Ўзбекистон бўйлаб 2022 йил давомида 4599 та ҳолатда дарахт ва буталар ноқонуний кесиб ташланган. Бу ҳақда 16 февраль куни Қонунчилик палатасида Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, республика миқиёсида дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш, шу жумладан, қимматбаҳо, кўп йиллик дарахтлар нобуд бўлишига олиб келган ҳолатлар учрамоқда.

Хусусан, дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2022 йил давомида 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан 7,3 млрд сўм маъмурий жарима ва 10 млрд сўм табиатга зарар белгиланган. Таққослаш учун, 2019 йилда 3733 та, 2020 йилда 7812 та, 2021 йилда 8243 та ҳолатда дарахтлар ноқонуний кесилган.

Ўтган йилда жами 1777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахт кесилган.

Масъуллар томонидан Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари хатлов қилинганида ер ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда 235 та, 2020 йилда 89 та ва 2021 йилда 99 та объектга ўрганилмасдан ва давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмасдан қурилишга ер ажратиб берилгани ва қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилгани аниқланган.

Шунингдек, 2022 йилда Тошкент шаҳрининг 11 та туманидаги 332 та хўжалик юритувчи субъект худуди ўрганилиши натижасида умумий 21 031 дона турли хилдаги дарахт хатловдан ўтказилган, уларнинг 17 767 донаси манзарали, 2599 таси мевали дарахт бўлиб, 103 таси қуриб қолган ва 20 таси турли хил касаллангани маълум бўлди.

Республика бўйича 500 дан зиёд қурилиш объекти атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 24 мингга яқин дарахт хавф остида қолмоқда. Бир қатор қурилиш объектларида дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатлари содир этилган.

Хусусан, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган қурилиш объектида хандақ (котлован — пойдевор қуриш учун қазилган чуқур) қазиш ишлари олиб борилган ҳудудда жами 55 туп дарахт йўқ қилинган. Чилонзор туманиги кўп қаватли турар жой биноси қурилиши учун ўраб олинган ҳудудда 18 туп дарахт шикастлантирилган, Яшнобод туманида қурилиш объектида 83 туп кўп йиллик манзарали дарахт ноқонуний равишда кесилган.

Депутатлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги «Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига қурилиш объектларига дарахтлар кесилишининг олдини олишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, қурилиш объектларининг атрофни ўраш тартибини қонунчилик ҳужжатларида аниқ белгилаш, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.