Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Тегишли қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.

Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил октябрь ойида қабул қилинган ва декабрь ойида Сенат томонидан маъқулланган.

Битим 2022 йил 29 март куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган.

Ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Бу жиноят содир этган ва озодликдан маҳрум этилган чет эл фуқароларининг ўз мамлакатида жазони ўташи учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, уларни қайта тарбиялаш ва ижтимоий реабилитация қилиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қасим Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан маҳкумларни алишиш битимини ратификация қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Ҳозирда Қозоғистонда 486 нафар ўзбекистонлик қамоқда сақланаётгани айтилган. Ўзбекистонда эса 20 нафар қозоғистонлик маҳкум бор.