Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни алишиш битимини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат аввалроқ Қозоғистон парламентининг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланганди. Мамлакат расмийлари мазкур ҳужжатнинг маъқулланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Уни имзолаш бўйича музокаралар бир неча йил давомида Тошкент ва Остона томонидан олиб борилганди.

Шартнома шартларига кўра, маҳкумларни алишиш учун биринчи навбатда маҳкумнинг розилиги керак. Шахс ўз мамлакатида жазони ўташ нияти ҳақида ариза бериши лозим.

Жиноятчиларни топшириш учун маҳкумнинг аризаси, унинг фуқаролиги, шунингдек, тарафлар розилиги талаб қилинади. Жазони ўташ муддати камида бир йил бўлиши керак. Маҳкумлар мамлакат суверенитети ва миллий қонунчилик хавфсизлигига путур етказадиган бўлса, шунингдек, шахсга нисбатан суд ёки тергов давом этаётган вақтда молиявий қарзлари бўлса, экстрадиция қилинмайди.

Қозоғистон Сенатиниг ялпи мажлисида мамлакат бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев ҳозирда Ўзбекистондаги қамоқхоналарда 20 нафар қозоғистонлик, Қозоғистон қамоқхоналарида эса 486 нафар Ўзбекистон фуқароси қамоқда сақланаётганини маълум қилди, дея ёзади Kazinform нашри.

Аввалроқ у Қозоғистонда 225 нафар судланган Ўзбекистон фуқароси ўз мамлакатида жазони ўташ истагини билдирганини таъкидлаганди.