Электр-энергия билан боғлиқ жамоатчилик ва журналистларнинг саволларига доимий жавоб бериб келувчи энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Шерзод Ходжаев вазирликда ҳали ҳам ишлаётгани маълум бўлди. Буни вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

У ҳозирда ташкилотнинг қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича лойиҳа офиси директори лавозимида фаолият юритмоқда.

Аввалроқ Шерзод Ходжаев Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ шароитида электр билан боғлиқ муаммолар сабаб, фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан олинганди. Бироқ у 15 февраль куни Хитойга амалий ташриф билан борган энергетика вазири бошчилигидаги делегация аъзолари орасида кўриниш берди. Унда Хитойнинг China Energy Engineering Corporation компанияси билан Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича меморандум имзоланди.