Ўзбекистон ва Хитойнинг China Energy Engineering Corporation (CEEC) компанияси Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича англашув меморандумини имзолади, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Имзолаш маросими 15 февраль куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация аъзоларининг Хитойга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, мазкур меморандум доирасида Хитой компанияси томонидан Ўзбекистонга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилади.

Ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, станциялар 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.

Бунинг натижасида йилига 5,2 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,4 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Томонлар ушбу йирик лойиҳаларнинг истиқболлари ва тез фурсатларда станциялар қурилиш ишларини жадал суръатларда амалга оширишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Жўрабек Мирзамаҳмудов январда Ўзбекистонда келаси қишга тайёргарлик режасини маълум қилган эди. Жумладан, унинг сўзларига кўра, лойиҳани қисқа муддатда амалга ошириш имкониятига эга Хитойнинг энергетика компаниялари 2 ГВт қувватга эга муқобил энергия объектларини қуриш лойиҳаларига жалб этиш режалаштирилган.

«Ушбу станциялар тўлиқ қувватга етгунча ярим қувватда, яъни 1 ГВт қувватда ишласа ҳам, бу кун давомида электр энергиясидан фойдаланиш, компрессор станцияларида газ босимини тушириш ва уни сақлаш имконини беради. Кечқурун эса юқори босимли газни бериш мумкин бўлади», — дея тушунтирганди Журабек Мирзамаҳмудов.