Қорақалпоғистонда Damas ва Lacetti иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши вафот этди. Бу ҳақда Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ ахборот хизмати инспектори Турсунбай Ўтемуратовнинг маълум қилишича, 13 февраль куни тунги соат 01:15 атрофида Амударё тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р160 давлат аҳамиятига молик Урганч-Гурлан-Манғит-Туркманистон чегараси автомобиль йўлининг 73−74-километрлари оралиғида Lacetti ва Damas иштирокида ЙТҲ юзага келган.

Воқеанинг юзага келишига Lacetti ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, йўлнинг қарама-қарши тарафига чиқиб кетиши ва йўналиши бўйлаб тўғри ҳаракатланиб келаётган Damas билан тўқнашгани сабаб бўлган.

Оқибатда 1995 йили туғилган Lacetti ҳайдовчиси вафот этди. Damas ҳайдовчиси эса кўкрак қафаси қисилиши, бош мия жароҳати ташхиси билан туман тиббий ёрдам кўрсатиш жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Бундан ташқари, Damas автомашинасидаги 1977 йили туғилган йўловчи бош мия жароҳати, ички аъзо ёрилиши тан жароҳатлари ташхиси билан туман тиббий ёрдам кўрсатиш жонлантириш бўлимига келтирилган.

Ҳолат юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.