Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказилаётгани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, президентнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасида ушбу вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларини маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказиш қайд этилган ва ушбу ҳужжат лойиҳасини тегишли вазирлик, давлат идоралар билан келишиш учун Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими — project.gov.uz`га жойлаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу норматив-ҳужжат ҳозирда лойиҳа бўлиб, расмий кучга эга эмас. Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан фармон лойиҳасидаги тегишли бандлар бўйича эътироз билдирилиб, Адлия вазирлиги билан музокаралар ўтказилган, — дейилади баёнотда.

Вазирлик бу жараёнда соҳа ходимлари ва жамоатчилик вакилларининг хавотирига ўрин йўқлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йил 29 декабрь куни ўқитувчилар билан ўтказилган учрашувда туман ва вилоят халқ таълими бўлимларини танқид қилганди.

««РайОНО» ва «облОНО» сиз учун прокурор. Бу икки ташкилотни йўқ қилишни истаяпман, мактабларнинг ўзи «райОНО» ва «облОНО» бўлишларинг керак. Ўртадаги бошқа поғоналар нимага керак? Улар бўлгани учун ўқитувчи қадам қўя олмайди. Буни синдирадиган вақт келди. Тартиб керак, албатта, аммо бунинг учун вазирлик бор. Бизда ҳамон эски тизим сақланиб қолмоқда. Мактаб аслида «горОНО»га хўжайинлик қилиши керак. Биз эски тизимга мойиллик қиламиз, «райОНО» нима деса, шуни қиламиз. Замон ўзгармоқда, кечирасизу, қишлоқ хўжалигида пахтага тизим ўзгартирдик. Энди пахта ҳам, тизим ҳам ишламоқда», — деганди президент.