11 февраль куни Тошкент ҳарбий прокуратураси Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчи Миржалол Имомовнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатишни рад этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар берди.

Унинг ўлими ҳолати ўрганилганда бирор шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаган, дея таъкидлади Бош прокуратура. Бундай қарор Тошкент шаҳри ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув вақтида ўтказилган экспертиза асосида қабул қилинган.

Тергов материалларига кўра, 11 январь куни соат 10:00 да оддий аскар Миржалол Имомов ҳарбий қисмнинг назорат-ўтиш пунктида кундалик навбатчилик пайтида дам олиш хонасига кириб, у ерда қурол сақлаш жавонида турган навбатчи сержантга бириктирилган АК-74 русумли ўқотар қуролни олган.

Сўнг жанговар қуролдан ўзининг жағ қисмига бир марта отиб, вафот этган.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлигига ҳарбий қисмда қурол-яроғ топшириш ва қабул қилиш тартибидаги камчиликлар тўғрисида ҳисобот тақдим этилди, дея хабар беради Бош прокуратура.

Ҳозирда йигитнинг ўз жонига қасд қилгани ҳолати бўйича ўтказилган терговга қадар текширув материали ва қабул қилинган қарор ҳарбий прокурор томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилмоқда.

Аввал ёзганимиздек, Миржалол Имомовнинг ота-онасига ўғлининг ўлими ҳақида хабар берилганди. «Аввал ўғлингиз ўзини отиб қўйди, кейин уни отиб қўйишди, деди», — дея сўзлаб берган йигитнинг онаси.

Марҳумнинг холаси эса жасад экспертизага берилмагани, танасида турли жароҳат излари борлигини айтган. Холасининг айтишича, бу ҳолатга улар ишонмаган.