1−2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича 3 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Тергов доирасида уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирда жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Натижаси бўйича жиноят ишларининг судга юборилиши таъминланади.

Декабрь ойида Нукус воқеаларида намойишчиларга қарши қурол қўлланилишининг қонунийлиги алоҳида жиноят иши доирасида тергов қилинаётгани хабар қилинганди. Бош прокуратура «жамоатчиликни хавотирга солаётган ушбу ҳолатлар»га ҳуқуқий баҳо берилиши, агар ҳолатлар тасдиқланиб, иш судга оширилса, суд очиқ тартибда ўтишини маълум қилганди.

Шавкат Мирзиёев воқеаларда иштирок этган барча томонлар ҳаракатига адолатли баҳо беришни топширганди, куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланишини айтганди.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати июль ойидаги норозиликларга жавобан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қурол-яроғдан асоссиз фойдаланилгани учун ҳалигача ҳеч кимни жавобгарликка тортмаганини қайд этганди.

31 январь куни Бухоро вилоят судида Нукус воқеалари бўйича 22 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинганди. Маҳкумлардан бири Пўлат Шамшетов ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Бухоро вилоят суди биносида Нукус воқеаларида айбланаётган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланганди. Прокуратура уларга оммавий тартибсизликлар уюштириш, сепаратистик ғояларни тарқатиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилиш, автомашиналарга ўт қўйиш ва йўлларни тўсиб қўйиш каби айбловларни ўқиб эшиттирди.