Ўзбекистон ўзининг қонуний мажбуриятларини бажариши ва маҳкум Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсхонадаги қийноқлар бўйича суд жараёнида билдирган даъволарини текшириши керак. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотида қайд этилди.

2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича асосий айбланувчи Тажимуратов 2 декабрь куни бўлиб ўтган суд жараёнидаги сўроқ давомида Нукус шаҳридаги ИИВ биносида қийноққа солингани, жумладан унинг устида сакрашгани ва тепишганини таъкидлаганди. Музокаралар давомида эса қўлини «гўшт майдалагичдан ўтказишгани»ни (у буни бармоқлар орасига калит қўйилиб, айлантириладиган қийноқ усули дея тушунтирганди — таҳр.) яна бир бор таъкидлади. Суддан сўнг унинг укаси Ринат Тажимуратов ҳам «гўшт майдалагич» ҳақида, қолаверса, Даулетмурат Тажимуратов ва бошқа ҳибсга олинганлар қийноққа солинганини маълум қилди.

«Қорақалпоғистон иши бўйича айблов ҳукмлари сиёсий аҳамиятга эга бўлса-да, ҳалок бўлган 21 киши ва оғир тан жароҳати олган кўплаб одамлар учун ҳеч нима бермайди», — деди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

«Ўзбекистон ҳукумати июль ойидаги норозиликларга жавобан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қурол-яроғдан асоссиз фойдаланилгани учун ҳалигача ҳеч кимни жавобгарликка тортмади», — дея таъкидлади у.

Human Rights Watch ташкилоти аввалроқ ўз ҳисоботини эълон қилганди, унда Ўзбекистон хавфсизлик кучлари 1 ва 2 июль кунлари намойишчиларни тарқатиш учун асоссиз равишда куч ишлатганини билдириб, Нукус воқеаларида бўлгани каби ўлим ва оғир жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида оломонни назорат қилиш учун шовқин ва тутун чиқарувчи гранаталар қўлланиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва уларни ИИО ходимлари жиҳозлари қаторидан четлаштиришга чақирган.

«Хавфсизлик кучлари ўқ отиш қуроллари ва эҳтиётсизлик билан қўлланилганда, жиддий жароҳат ёки ўлимга олиб келиши мумкин бўлган турли гранаталардан нотўғри фойдаланган», — дейилади баёнотда.

«Намойишлар Ўзбекистон Конституциясидан қорақалпоқларнинг мустақиллик учун референдумда овоз бериш ҳуқуқини ва минтақанинг суверен мақомини олиб ташлайдиган ўзгартиришларга қарши ўтказилганди. Таклиф этилган тузатишлар кейинроқ қайтариб олинди. 31 январь куни ҳукм қилинган судланувчиларнинг ҳаммаси, биргина собиқ ички ишлар ходимидан ташқари, тинч фуқаролар эди», — дея таъкидлади HRW.

«Намойишлардан кейин бошданоқ 500 дан ортиқ одам ҳибсга олинганди. Бир неча ой давомида Бош прокуратура ҳибсда қолаётганларнинг умумий сони тўғрисида сўнгги расмий маълумот бермади», — дея эслатади ташкилот.

Декабрь ойи ўрталарида Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистондаги июль воқеаларини ўрганиш бўйича ташкил этилган Мустақил парламент комиссиясининг мурожаатига жавобан тақдим этган ахборотида 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 киши айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Нукус шаҳрида намойишчиларга нисбатан қурол ва махсус воситалар қўллангани, шунингдек, икки фуқаронинг ўлими ҳолатлари бўйича алоҳида жиноий ишлар қўзғатилганини билдирган. «Газета.uz» мазкур ишнинг бориши юзасидан ташкилотга сўров юборган ва жавоб кутилмоқда.

Прокуратура 43 ёшли адвокат ва журналист Тажимуратовни Қорақалпоғистонда «оммавий тартибсизликлар» уюштирганликда ва бошқа судланувчилар, жумладан, журналист ва Makan.uz сайти асосчиси 33 ёшли Лолагул Каллиханова билан тил бириктириб, ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблаган.

Судда Тажимуратовнинг 16 йилга қамалгани эълон қилинди. Лолагул Каллиханова эса 3 йил муддатга шартли равишда озод қилинди. Судья уларнинг иккаласини ҳам «Тартибсизликлар уюштириш, конституциявий тузумни ағдариш мақсадида тил бириктириш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш»да айбдор деб топганди. Суд ҳукмни эълон қилар экан, Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан қўйилган айблов бўйича барча судланувчиларни оқлади.

Тажимуратов, шунингдек, газета обунаси билан боғлиқ «ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»да ҳам айбдор деб топилган. У етказилган зарарни қоплаш учун 228,8 миллион сўм (20,2 минг доллар) тўлаши керак.

«Тажимуратовга қўйилган „конституциявий тузумни ағдаришга уриниш“ айблови 2016 йилда вафот этган президент Ислом Каримов даврини эслатади. Ўша вақтларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқалар сиёсий мотивацияланган суд жараёнлари давомида узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинарди», — дея қайд этди Human Rights Watch.

Даулетмурат Тажимуратов судда барча айбловларни рад этиб, ўзининг айбсизлигини таъкидлаган. Лолагул Каллиханова ва яна 20 нафар судланувчи ўз айбига тўлиқ ёки қисман иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Уларга апелляция бериш учун 20 кун вақт берилган.

Намойишларга айланиб кетиб, охири қурбонлар билан якунланган июль воқеалари арафасида Тажимуратов ва Каллихановалар конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартиришларга бир неча бор қарши чиққан, Тажимуратов эса 5 июль куни тинч намойиш ўтказиш режасини эълон қилган, дея таъкидлади ташкилот.

HRW Тажимуратов ва Каллиханованинг чиқишларини «халқаро қонунчиликда асосли равишда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган нутқлар» сифатида баҳоламаслигини қайд этди.

«Сиёсий фикр билдириш ва тинч намойишларга чақириш сўз эркинлигидан далолатдир», — дейилади ташкилот баёнотида.

«Ўзбекистон 2022 йил июлида содир бўлган воқеаларни варақлаб кўрмоқчи, аммо судланувчиларга чиқарилган ҳукм 21 киши қандай ҳалок бўлгани ва нега оғир жароҳатлар олгани ҳақидаги асосий саволларга жавоб беролмайди. Ҳукумат асоссиз ўлдириш ҳолатлари ва ҳаддан ташқари куч ишлатишда айбдор бўлган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун вақтни қўлдан бой бермаслиги керак», — дейди Мира Ритман.