Аномал совуқлар муносабати билан республика аэропортлари биносига кутиб олувчиларнинг киритилишига рухсат берилди. Илгари кутиб олувчиларни бинога киритиш аэропортларда фаолият юритувчи бир қатор тузилмаларнинг ҳужжатлари билан чекланган эди. Бугундан бошлаб барча кутиб олувчилар учиб келиш залларига кириб, терминал ичида божхона ҳудудигача бўлган жойда учиб келаётган йўловчиларни кутишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда UzbekistanAirports матбуот хизмати хабар қилди.

«Ниҳоят, бизнинг таклифлар эшитилгани ва давлат раҳбарияти томонидан иродали қарор қабул қилинганидан жуда хурсандмиз. Биламан, муаммо кўп йиллар давомида мавжуд эди. Одамлар иссиқда ва совуқда ташқарида туришган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ва бошқа бир қатор сабабларга кўра уларни ичкарига киритиш тақиқланган», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Рано Джураева.

«2018 йилда қурилган учиб келиш зали ҳам халқаро стандартларга жавоб бермайди, унда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Унинг устига зал жуда кичкина. Биз ҳозирда бинонинг олд қисмини суриш орқали зал майдонини кўпайтириш лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз, бу ерда кутиб олувчилар учун шароит яратиш мумкин бўлади», — дея қайд этди у.

Унинг сўзларига кўра, жараён, зал атрофида кўплаб коммуникациялар ўрнатилганлиги сабабли мураккаблашмоқда. «Ҳар сафар, биз мавжуд аеропортни қайта қуриш, кенгайтириш, қулайроқ қилиш учун ҳаракат қилишга қўл урганимизда, пойтахтимизга янги аэропорт қуриш керак эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Аммо, аэропортлар бир кунда бунёд этилмаслигини ҳисобга олиб, имкон қадар мавжуд аеропортни реконструкция қилмоқдамиз».

uzbekistan airports, раъно жўраева, тошкент халқаро аэропорти

Таъкидланишича, аномал совуқлар шароитида аэропорт хизматлари парвозлар хавфсизлигига эътиборни кучайтирмоқда. Ноқулай об-ҳаво шароитлари — совуқ ҳаво ҳарорати, қор ёғиши — парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун самолётларни музга қарши суюқлик билан ишлов бериш жараёнини назарда тутади. Бу жараён одатда ҳар бир самолёт учун тахминан 30 дақиқа давом этса-да, ҳозирги пайтда ҳар бир самолётга ишлов бериш 1 соатдан 1,5 соатгача вақт олмоқда. Албатта, бу рейсларнинг кечикишига олиб келди. Дунёнинг қатор мамлакатларида бундай об-ҳаво шароитлари туфайли аэропортларни ёпиш амалиёти мавжуд. Аммо Ўзбекистон аэропортлари йўловчиларни жадвалдаги ўзгаришлар ҳақида хабардор қилган ҳолда, ишлашга қарор қилди.

«Бугун ишонч билан айта оламанки, аеропортларимиз мураккаб об-ҳаво шароитида учиш ва қўниш операцияларини барқарор амалга ошириш учун етарли ресурсларга эга. Гап нафақат машиналар, балки халқаро тажрибага эга малакали кадрлар ҳақида ҳам бормоқда. Йўловчи оқими бўйича энг гавжум аеропорт, буТошкент аеропортидир — у ерда кунига юздан ортиқ рейслар амалга оширилади. „Ҳандлинг“ компанияси ва аеродром хизмати об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши арафасида барча захира кучларини жамкашга муваффақ бўлишди. Жумладан, 10 январ куни соат 00:00 дан 23:59 га қадар Ўзбекистон халқаро аеропортлари томонидан 152 та рейсга хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 93 таси „Тошкент“ аеропортида амалга оширилган. Ҳар бир самолётга ишлов бериш учун бир соатдан кўпроқ вақт кетганини ва барча махсус техникалар парки, шундай совуқда аеродромда ишлаган ҳодимларни ҳисобга олмаганда, учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини тозалашга чиққанини ҳисобга олсак, бу жуда юқори кўрсаткич» — деб қўшимча қилди Раъно Джураева.