2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси собиқ бошлиғи, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Полат Шамшетовнинг тергов ҳибсхонасидаги ўлими ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича баёнот эълон қилди.

Комиссия аъзолари Полат Шамшетовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасига бориб, у ердаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишди. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказишди.

«Улар 3 февраль куни нонуштадан кейин камерада суд ҳукмини қайта-қайта ўқиган, муҳокама қилишган, тушликдан сўнг сайр қилишгач, камерага қайтишган. Уларнинг айтишича, шу кунларда П. Шамшетов кўп тамаки чеккани туфайли нафас олиши оғирроқ бўлиб қолган. Хонадошларнинг сўзларига кўра, ўша куни марҳум кўп безовталанган, тўсатдан уларнинг кўз ўнгида ҳушини йўқотган», — дейилади хабарда.

Камера ёзувларида марҳум Шамшетовнинг ўша кундаги ҳаракатлари, санитария-гигиена ходими ва тез тиббий ёрдамнинг оператив ҳаракатлари аниқ акс этган.

«4 февраль куни соат 01:50да П.Шамшетовнинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли камерадошлари ҳибсхона тиббиёт бўлими шифокорини чақиртирган. Ҳибсхона тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д. Темиров камерага келган вақтида маҳкум П.Шамшетов ҳушсиз ҳолатда бўлган. Соат 02:15 да РШТТЁИМ Бухоро вилояти филиали тез ёрдам шифокори А. Ғафуров ва фельдшер М. Рахмонов етиб келган вақтда маҳкум П. Шамшетовни биологик ўлим ҳолатида эканлигини аниқланган», — дея қайд этилган баёнотда.

Ўрганиш давомида Бухоро вилоят суд тиббий экпертизаси томонидан ўтказилган текширувларнинг видеоёзувлари ҳам таҳлил қилинди.

Шунингдек, Комиссия аъзолари марҳум вафот этган кунда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро вилоятидаги филиалидан жалб қилинган тез ёрдам шифокори А.Ғафуров ва фельдшер М.Рахмонов ҳамда суд-тиббий экспертизасини ўтказган Республика Суд тиббий экспертиза маркази Бухоро вилоят филиали мутахассислари билан ҳам суҳбатлашиб, керакли маълумотларни олишди.

«Бундан ташқари, маҳбусларга тасдиқланган меню асосида берилган таомлар кўриб чиқилди ва ошхонадаги шароитлар ўрганилди. Ўрганиш давомида, марҳумга нисбатан руҳий ёки жисмоний қийноқ қўлланилиши мумкинлигига оид маълумотлар ассосиз эканлиги аниқланди», — дея қайд этди комиссия.

Аввалроқ Полат Шамшетов ўлимидан сўнг унинг камераси Бухоро вилояти прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббиёт экспертлари, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги ҳудудий вакили бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи, шунингдек, адвокат ва марҳумнинг яқин қариндошлари томонидан кўрикдан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, 45 ёшли Полат Шамшетов ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги натижасида вафот этган.

Полат Шамшетовнинг дафн маросими 6 февраль, душанба куни Нукусда бўлиб ўтди.