Қарз маблағларини жалб қилишнинг қимматлашиши Ўзбекистон ҳукуматини ортиқча харажатлардан қайтарувчи омиллардан бири бўлади. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 26 январь куни «Газета.uz»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов аввалроқ инфляцияни жиловлашда бюджет консолидациясининг (давлат қарзи ва бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадида даромад ёки харажатларни оптималлаштириш) фискал барқарорликни таъминлашдаги роли ортиб бораётганини таъкидлаганди. Давлат харажатларининг ошиши ортидан инфляция прогнозлардан юқори даражада шаклланмоқда, деганди у.

Собиқ молия вазири, ҳозирда президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов бугунги кунда ташқи қарзни жалб қилиш қимматга тушаётгани, шу боис Ўзбекистон асосий эътиборни давлат бюджети ва қарз олиш имкониятларидан кўра таркибий ислоҳотларга қаратиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, у ҳукумат бюджет тақчиллигини камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиши, бюджет интизомини таъминлаш ва инвесторларга бу унинг устувор йўналиши бўлишини кўрсатиши кераклигини таъкидлади.

Беҳзод Ҳамроев «Ҳукумат харажатлардан ўзини тийиши қийин» эканини тан олди.

«Ҳукумат харажатлардан ўзини тия олиши қийин. Ҳамма нарса пулга боғлиқ. Агар пул бўлса, сарф-харажатлар давом этади. Бу йил фоизлар ошиши сабабли қарзни жалб қилиш қийинлашади», деди у.

«Биз каби ривожланаётган мамлакатларда марказлаштирилган инвестицияларга эҳтиёж юқори. Бу харажатларнинг самарадорлиги бўйича саволлар бор, аммо унга талаб ҳам мавжуд. Масалан, боғчалар, мактаблар, йўллар, қурилишлар, кўприклар — булар катта талаб. Пул бор экан, у сарфланаверади», деб тушунтирди у.

Унинг сўзларига кўра, йилнинг биринчи ярмида жаҳондаги марказий банкларнинг (АҚШ Федерал захира тизими, Европа Марказий банки ва бошқалар) фоиз ставкалари пасаймайди, шу сабабли қарзни жалб қилиш қимматлигича қолади. Шу билан бирга, Ўзбекистон йилнинг иккинчи ярмида еврооблигациялар чиқариши мумкин.

«Октябрь ойида биз ФЗТ, Жаҳон банки билан охирги марта гаплашганимизда, улар бу йил евробонд бозорида ставканинг пасайишини кутмаётганини билдирди. Аммо, эҳтимол, йилнинг иккинчи ярмида пасайиш бўлиши мумкин. Чунки энергия экспортчилари жуда кўп миқдорда маблағ тўплади, шунинг учун улар барибир бозорга киради», — деди Марказий банк раҳбари ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ҳукумат ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоизлик бюджет тақчиллиги чегарасини ушлаб туролмади, парламент эса давлат харажатларини 2 миллиард долларга ошириш ва ЯИМнинг 4 фоизигача бўлган чегарани маъқуллаганди.