Душанба куни Туркияда содир бўлган вайронкор зилзилалардан сўнг кўплаб ўзбекистонликлар мамлакатда шундай катталикдаги табиий офат бўлиши мумкинми, деб сўраяпти. Куннинг иккинчи ярмида Афғонистонда 4,1 магнитудали (Тошкентдан 438 км узоқликда) ва Қозоғистонда (165 км) 4,3 магнитудали зилзила қайд этилди.

Ўзбекистон ФВВ шу каби саволларга жавоб берар экан, бугунги кунда республикада ФВВ ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади. Мазкур Идоралараро эксперт комиссияси ҳар ҳафта бўйича республика ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимоллигини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолашини маълум қилди.

Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади.

Олинган кузатув маълумотлари натижаларига асосан Идоралараро эксперт комиссиясининг 3 февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинди.

Фанлар академияси Сейсмология институти вакили, профессор, академик Қаҳарбай Абдуллабеков 2011 йилги интервьюсида (рус тилида — таҳр.) зилзила даракчилари нима эканлиги ҳақида гапирган эди.