Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Туркияда зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш учун Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари жўнатилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилмоқда.

Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда 6 февраль куни юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани маълум қилинганди. Шавкат Мирзиёев аввалроқ Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллаган.

Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади, — дея қайд этилган Шерзод Асадов берган ахборотда.

Зилзила тўғрисида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам маълумот берди. Таъкидланишича, 6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаган.

Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси (+90−312−441−38−71, +90−312−441−17−46) ва/ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (+90−212−323−20−37, +90−212−323−20−39) мурожаат қилишлари мумкин, — дейилади вазирлик баёнотида.

РИА Новости янгиланган маълумотларига кўра, зилзила оқибатида 912 киши ҳалок бўлди, 5385 киши жароҳат олди.