Июль бошида Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ва мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган парламент комиссияси Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов вафоти бўйича ўрганиш олиб боришини маълум қилди.

«Газета.uz» одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилганликда айбланиб, 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Полат Шамшетов 4 февраль куни эрта тонгда тахминан юрак хуружидан вафот этгани ҳақида ёзганди.

Мазкур ҳолат бўйича мустақил комиссия аъзолари 6 февраль куни Бухоро вилоятига бориб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий ҳулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.

Комиссия аъзолари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.