Хоразм вилоятида фермер хўжалиги раҳбари ўзига ажратилган экин ерида ноқонуний сунъий кўл ташкил қилиб келгани айтилмоқда. Бу вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган текшириш давомида аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура.

Фермер Боғот тумани ҳокими қарорига асосан ўзи раҳбарлик қилиб келаётган «М.Р.» хўжалигига 46 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилган жами 29,8 гектар экин ерининг 7,3 гектар суғориладиган қисмида ноқонуний равишда сунъий кўл ташкил қилган.

Бунинг ортидан у қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигига йўл қўйиб, давлат ва жамият манфаатларига 1 млрд 822 млн сўм миқдорида зарар етказган.

Ҳолат юзасидан раҳбарга нисбатан Жиноят кодексининг 197-моддаси (Ердан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилди. Агар унинг айби тасдиқланса, БҲМнинг 50−100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.