Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Республика ҳудуди бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Жануби-ғарбий ва жанубий ҳудудларда кун давомида, марказий ҳудудларда эса куннинг иккинчи ярмида, Фарғона водийси вилоятларида кечга томон ёмғир ёғиши кутилмоқда. Мамлакат шимолида ёғингарчилик кутилмайди.

Шанба куни республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Якшанба куни ҳудуднинг катта қисмида ёмғир ёғиши тўхтайди, фақат кечаси ва эрталаб марказий ва шарқий ҳудудларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати кечалари 0…+5 даража, баъзи жойларда -2 даражагача, кундуз кунлари +5…+10 даража атрофида бўлади.

Пойтахтда жума куни кечга томон ва шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Якшанба куни асосан ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ҳарорат асосан кечаси 0…+3 даража, кундузи +7…+10 даража илиқ бўлади.

3−5 февраль кунлари тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради.