Ғарб давлатлари Молдовани «навбатдаги Украина» роли учун кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Россия Сегодня» бош директори Дмитрий Киселевга берган интервьюсида маълум қилди.

Кисилев қайси давлатлар «Украина йўлидан бориши» мумкинлигини сўради ҳамда Қирғизистон ва Қозоғистонни мисол тариқасида сўради. Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари эса Молдова номини олди.

«Ҳозир Молдова бу роль учун кўриб чиқилмоқда, биринчи навбатда, улар НАТОга қўшилиш истагида бўлган эркин демократик эмас, балки мутлақо аниқ усуллар билан мамлакат бошига президентни [Мая Санду] қўйишга муваффақ бўлишди. У Руминия фуқаролигига эга, у Руминия билан бирлашишга тайёр ва умуман, деярли ҳамма нарсага тайёр», — деди у.

Молдова Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Даниел Водэ Лавровнинг баёнотини танқид қилиб, вазирнинг сўзлари «Россия дипломатиясининг машҳур таҳдидли риторикасининг бир қисми» эканини таъкидлади.

«Молдова Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига Молдова кетаётган йўл Европа Иттифоқига қўшилиш йўли эканлигини эслатмоқчи. Бу фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланган қарор», — деб ёзади у.

«Молдоваликлар, сиёсий ёки геосиёсий имтиёзлардан қатъи назар, тинчлик, эркинлик ва демократияни истайди. Фуқароларимизнинг бу қарорини ҳурмат қилгани учун барча давлатлардан, жумладан, Россиядан ҳам миннатдор бўламиз. Молдова ўз келажагини танлади ва бу келажак эркин дунёнинг бир қисми бўлади», — деди Водэ.

20 январь куни президент Майя Санду Politico нашрига Молдовада мамлакатнинг ўзини ҳимоя қилиш қобилияти ва «каттароқ иттифоқ»га қўшилиш имкониятлари ҳақида жиддий муҳокама бўлаётганини айтганди. Украинадаги можаро республикада конституцияда мустаҳкамланган бетарафликка нисбатан «қадриятларнинг қайта баҳоланиши»га сабаб бўлди, деб ёзди нашр.

Молдова Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бир неча кун ўтиб Европа Иттифоқига қўшилиш учун ариза берган эди. Июнь ойида Молдова Украина билан биргаликда ЕИ аъзолигига номзод мақомини олди.

Meduza хабарига кўра, Россия сиёсатчилари ва расмийлари, жумладан, президент Владимир Путин Украинадаги кенг кўламли урушни Ғарб гўёки у ерда РФни йўқ қилишга мўлжалланган «антиРоссия» қураётганини айтиб, бир неча бор оқлаган.