«Газета.uz» 29 январь куни Нукусдаги кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида ҳалок бўлган 5 кишидан яна бирининг шахсига аниқлик киритди.

Марҳума, 1961 йилда туғилган Утамбетова Нурзада Джамаловна портлаш вақтида — 37-хонадонда бўлган. Қутқарувчилар унинг жасадини 30 январь куни 05:28 ларда топишган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Қорақалпоғистон ҳудудий филиали маълумотига кўра, у кўп йиллар мобайнида корхонада меҳнат фаолиятини олиб борган ва нафақага чиққан.

Қорақалпоғистон ФВВ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари якунига етди. Ҳозирда портлаш содир бўлган кўп қаватли уй бузиб ташланмоқда.

газ портлаши, нурзада утамбетова

Портлаш оқибатида қулаб тушган уйнинг ички томондан кўриниши. Фото: Kruz.uz.

Аввалроқ «Газета.uz» қутқарув ишлари давомида Нукусдаги уй вайроналари остидан жасади топилган, портлаш содир бўлганда пастки қаватдаги квартирада истиқомат қилган — Саламат Разиев ҳақида ҳам маълумот берганди. Саламат Разиев ногирон бўлиб, 10 йилдан ортиқ вақт давомида даволаниб келаётган бўлган. Шанба куни у касалхонадан уйига қайтган. Бу портлаш содир бўлишидан бир соат олдин рўй берган.

Воқеадан кейин телефон қўнғироқларига жавоб бермагани учун яқинлари уни том қулаши оқибатида вафот этган деб тахмин қилган.

«У ерда омон қолишнинг имкони деярли йўқ эди. Ҳамма қаватлар пастга қулаб тушган», — деди Саламат Разиевнинг қариндоши. Дафн маросими сешанба куни бўлиб ўтади.

Аввалроқ қутқарувчилар вайроналар остидан 5 ёшли қизни олиб чиққани, у тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эдик. Бир кун аввал эса икки киши куйиш жароҳати олгани хабар қилинганди.

Республика прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.