31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Халқаро пресс-клубнинг 1 февраль кунги сессиясида сенатор Гулнора Маруфова ушбу ҳолатга нисбатан муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Янгиҳаёт туманидаги қизча билан боғлиқ масала ҳаммамизни ларзага келтирди. Бу ҳолатни эшитган одам ўзига келолмайди. Буни нормал ҳолатдаги одам ҳеч қачон [оқламайди] ва, албатта, қоралайди. Она бўладими, буви бўладими, умуман олганда, жамиятимиздаги ҳар бир одам буни [қоралайди]. Аввало, бундай ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. [Қизчанинг] ота-онасига ҳам тўзим берсин, бу жуда оғир ҳолат», — деди сенатор.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маруфова қонунчиликка ўзгартиришлар киритилаётганини ҳам таъкидлади.

«Нега биз қонунчиликни кучайтиряпмиз? Қонунга итоат этиш, шу каби жиноятларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш масалаларида ҳам бизнинг комиссиямиз ишлар олиб боряпти. Қонунчиликка ўзгартиришлар киритяпмиз. Бу борада комиссияда жуда катта ишлар, тортишувлар, бу масалаларга ҳар томонлама ёндашув бўляпти», — деди у.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Оила ва хотин-қизлар бошқармаси Янгиҳаётдаги қотилликдан сўнг ота-оналарга мурожаат қилганди. Бошқарма улардан фарзандларининг мактабга бориш-келишида ҳамроҳлик қилишни ҳамда доимо алоқада бўлишни сўраган.