31 январь куни соат 07:55 лар атрофида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани «Октерак» МФЙда жойлашган 2 қаватли уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа оқибатида 4 фуқаро оғир тан жароҳатларини олган ва улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистондаги филиалига олиб борилган. Ҳозирда беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

газ баллони портлаши, қорақалпоғистон

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда «Ҳудудгазтаъминоти» ҳодимлари бориб, вазиятни ўрганмоқда. Айни вақтда чақнашнинг сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.

Ўзбекистон ФВВ хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб бориляпти.

газ баллони портлаши, қорақалпоғистон

ФВВ юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида аҳолидан газдан фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишни сўради.

Аввалроқ, 29 январь куни соат 16:15 атрофида Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙда жойлашган 4 қаватли уйда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ҳақида ёзгандик. Ҳодиса оқибатида 2 нафар йигит куйиш тан жароҳати билан шаҳар шифохонасига жойлаштирилди. Воқеа жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов борди.

Мазкур ҳолат оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Аввалроқ 5 ёшли қизалоқ қутқарилиб, шифохонага олиб кетилганди. Ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» қутқарув ишлари давомида уй вайроналари остидан жасади топилган эркакнинг шахсини аниқлаганди. У Саламат Разиев бўлиб, портлаш содир бўлган квартиранинг пастки қаватида яшаган.

Республика прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.